close

You are here

ГОМОСЕКСУАЛЛИК ТЎҒРИСИДА

March 03, 2019 2830

“Гейларга муносабатингиз қанақа? Бу касалликми?” – бу каби саволларни мен вақт-вақти билан нафақат пациентларим, балки хамкасб-шифокорлардан хам эшитиб тураман. Шунингдек, танишларим интернет ижтимоий тармоқларида гомосексуаллик тўғрисидаги баъзида кўтариладиган бахс мунозараларга нисбатан шарх беришимни илтимос қилишади. Яқинда айнан шу мавзуда қизғин бахслар Фейсбукдаги Не молчи.Уз гурухида юзага келди.

Майли, мавзу шунчалик қизиқ экан қуйида ўзимнинг, яъни, гетеросексуал шифокор сифатидаги фикрим билан бўлишаман. Бунда мен учун одатий бўлган илмий иқтибослар ва аргументларни ишлатмаган холда, оддий мантиқ ва тарихий фактлар билан чегараланишга харакат қиламан.

Бирор бир мураккаб ёки тушунарсиз нарсани тушунтириш учун аналогия ёки қиёслаш услубини қўллаш яхши самара бериши кўпчиликка маълум. Биз хам шу услубга ёндашайлик. Бунинг учун инсонлардаги чапақайликни мисол тариқасида олишни таклиф қиламан.

“Сиз чапақайларга қанақа муносабатдасиз? Бу касалликми?” қабилидаги саволлар кўпчилигимиз учун кулгили туюлади. Нега кулгили? Чунки чапақайлик бу бор йўғи баъзи одамларнинг туғма хусусияти эканлиги ва бундай одамлар орамизда 10-15%ни ташкил қилиши деярли хар бир замонавий инсон учун ойдин. Чапақайлик хеч қандай касаллик эмаслигини биз жуда яхши биламиз.

Лекин чапақайликка муносабат доим хам бугунгидек нейтрал бўлмаган. Собиқ Иттифоқ даврида чапақай болаларни оммавий равишда ўнг қўл билан ёзишга мажбурий равишда қайта ўргатилгани ёши каттароқ одамларимизнинг кўпчилиги хотирасидан хали хам кўтарилмаган десак адашмаймиз. Бу “ўнглаштириш” аксарият холларда рухий ва жисмоний зўравонлик ёрдамида (чапақайлар қўлидан баъзи ўқитувчи ва ота-она линейка билан уриб) амалга оширилиб, болалар невроз холатига тушишига сабаб бўлган.

Тарихий манбааларни ёки хеч бўлмаса Интернетни шу мавзудаги сахифаларини очиб ўргансак, чапақайликга қадим замонлардан бошлаб инс-жинс тимсоли сифатида қаралганлигига гувох бўламиз. Мисол учун, Исломда чапақайлик “шайтонлик” белгиси эканлиги, хадисларда эса “чап қўлда шайтон ўтирганлиги” сабабли овқатни фақат ўнг қўл билан тановвул қилиш буюрилганлиги кўпчилигимизга маълум. Португал тилида эса чапақай сўзи юз йиллар илгари шайтонни англатган. Шунинг учун хам чапақайлар асрлар давомида жамият томонидан жазоланишдан қўрқиб ўзининг табиий хусусиятини яшириб келишган. Бундан кўриниб турибдики, чапақайликка бўлган муносабат миллатлараро ва динлараро умумийликка эга.

Албатта, бугунги кунда чапақайни ўнг қўли билан ёзишга мажбур қилиниши ва ўнг қўли билан ёзуви яхши чиқамаса жазоланиши бизга ёвоий холатдек туюлади. Лекин хозир хам болага чапақай бўлиб қолаверишга рухсат бермаслик керак деб фикрлайдиган камёб тоифадаги одамлар йўқ эмас.

Хар бир малакали нейропсихолог ёки невролог сизга ўнақайлик хам, чапақайлик хам, хатто амбидекстерия (хар икки қўлдан бир хил самарали фойдалана олиш қобилияти) хам инсонниг туғма хусусияти эканлигини тасдиқлаши мумкин. Илм-фан, маориф ва ОАВ ривожланиши сабаб замонавий инсон учун бу билим хаммага маълум фактга айланиб бўлди. Ха, албатта, чапақай инсонни ўнг қўли билан иш қилишга ўргатиш мумкин, лекин нейропсихологик жихатдан унинг бош мияси чапақайлигича қолаверади. Бунинг таъсирида у ўзининг табиий қобилият ва иқтидоридан фойдаланишга туғма ўнақайларга нисбатан камроқ имкониятга эга бўлади.

Сексуал ориентация масаласи хам худди шундай. Одамлар орасида гетеро- хам, гомо- хам, би-сексуаллар хам борки, уларнинг жинсий ориентацияси шахсий танлови эмас, балки табиатан туғма равишда белгиланган. Албатта, гейлар орасида хаётидаги муаъян шароит сабабли туғма бўлмасада, айни вақтда гетеросексуал муносабатларга нисбатан афзал кўриладиган ва инсон томонидан онгли равишда жинсий хаёт тарзи сифатида тангланган холатлар хам бор.

Ўтмишда чапақайлик қандай таъқиб қилинган бўлса хозирда гомосексуаллик хам худди шундай дашном ва жазога сабаб бўлиб келмоқда. Бир кун келиб бизда хам ривожланган давлатлардаги каби гомосексуалликни касаллик деб хисоблашни бас қилиб, бу учун одамларни жазолаш, хақоратлашга ва “хамма одамлардек” яшашга мажбур қилишга чек қўйилишига ишонман. Айтганча, чапақайлик хам собиқ Иттифоқ мамлакатларидан илгарироқ Европа давлатларида меъёрий холатнинг бир кўриниши сифатида тан олинган.

Хуллас, мендан ““Гейларга муносабатингиз қанақа?” деб сўралганда менинг жавобим жуда оддий бўлади: “Худди Сизга нисбатан муносабатимдек”. Яъни, менга инсоннинг сексуал ориентацияси хеч қандай ахамиятга эга эмас. Инсон хақидаги хулосам бошқа мезонлар асосида шаклланади.

P.S. Гомосексуал муносабатлар икки вояга етган шахснинг ихтиёрий ўзаро иши ва ташвиши деб хисоблайман. Вояга етмаганларни жинсий муносабатларга жалб қилиш эса инсон ориентациясидан қатъий назар жиноий жавобгарликка тортилиш билан таъқиб қилиниши шарт. Сексуал ориентацияни жамоат жойларида ошкора қилишга хам худди шундай қараш жойиздир.

P.P.S. Илмий тадқиқотлар гомосексуал муносабатларга ашаддий қарши курашадиган инсонларнинг ўзида онгсиз равишда гомосексуал муносабатларга мойиллик борлигини кўрсатди. https://www.ncbi.nlm.nih.gov/pubmed/8772014 . Ўзбекистонда хам бир машхур шифокор гомосексуал муносабатларга қарши фикр билдириб Интернетда анча оммалашиб кетган видеомаъруза тайёрлагани кўпчиликка маълум. Ўша шифокорнинг кийиниш маданиятига, хусусан кийимлари рангини танлашдаги хусусуиятларга эътибор берилса юқорида кўрсатилган илмий тадқиқот хулосалари асоссиз эмаслиги хақида ўйланиб қолади киши...

P.P.P.S. Йўқ, Обама гей эмас! У чапақай. Қўл ишоралари эса аъло!

Comments

Log in or register to post comments

Или войти через: